“Инсон ҳуқуқлари ва аёлларга нисбатан тазйиқ тушунчаси”
Инсон ҳуқуқлари — инсоннинг давлат билан муносабатидаги ҳуқуқий мақомини, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий соҳалардаги имкониятлари ҳамда даъволарини тавсифловчи тушунча.
Инсон ҳуқуқларини эркин ва самарали тарзда амалга ошириш фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан биридир. Инсон ҳуқуқларини мутлақ ва нисбий Инсон ҳуқуқларига бўлиш қабул қилинган. Яшаш ҳуқуқи, қийнокларга, зўравонликка, инсон шаънини ерга урадиган бошқа хил муомалага ёки жазога дучор этилмаслик ҳуқуқи, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, шахсий ва оилавий сир саклаш ҳуқуқи, ўз шаъни ҳамда яхши номини ҳимоя этиш ҳуқуқи, виждон эркинлиги ва динга эътиқод қилиш ҳуқуқи, шунингдек, суд томонидан ҳимоя қилиниш ва одил судлов ҳуқуқи ҳамда шулар билан боғлиқ энг муҳим процессуал ҳуқуқлар мутлақ Инсон ҳуқуқлари сирасига киради. Қолган ҳамма Инсон ҳуқуқлари нисбий бўлиб, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат тартиби жорий қилинган вазиятда чеклаб ёки тўхтатиб қўйилиши мумкин. Демократик давлатда мутлақ Инсон ҳуқуқларини ҳар қандай вазиятда ҳам чеклашга ёки вақтинча тўхтатишга (бекор қилишга) йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жумладан, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуклари, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуклари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари белгилаб берилган (18 — 52-моддалар). Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар (18-модда). Жумладан, яшаш ҳуқуқи — ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш — энг оғир жиноят ҳисобланади (24-модда). Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким конунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши; қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас (25—26-моддалар). Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига; фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги хуқуқига эга (27—29-моддалар). Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик:Зўравонлик бу бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан қасддан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Оилавий зўравонлик эса зўравонлик ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оила аъзосининг бошқа аъзоларига (хотин, ота-она, болалар ва бошқалар) нисбатан амалга оширилиши тушунилади. Умуман олганда бутун дунёда статистик маълумотларга кўра аксарият ҳолларда оилавий зўравонликдан хотин-қизлар жабр кўради. Оилавий зўравонлик жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий зўравонлик шаклларида амалга оширилиши мумкин.
Аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ булган жуда жиддий муаммо саналади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотлардир.
Муаллиф
жиноят ишлари бўйича судьяси Ш.Қурбонов






