Мингбулоқда ғалла майдонларида кластер ва фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил олиш мақсадида агротехник тадбирлар муддатида, сифатли амалга оширилмоқда.

Баҳор серёғин бўлаётгани учун далаларда буғдойлар баравж ривожланаётир. Кенг далаларга боқиб, кўкка монанд бўй чўзаётган ниҳолларнинг бугунги ривожидан кўз қувнайди, дил яйрайди. Атрофга кўм-кўк пояндоз тўшалгандек гўё.

Деҳқонлар кундалик дала юмушлари билан банд. Улар ниҳолларни озиқлантириш, ҳашаротларга қарши курашиш, бегона ўтлардан тозалашдек муҳим амалларни амалга оширмоқда.

Деҳқонлар таъбири билан айтганда, бугунги меҳнат ва изланишлар эртанги мўл-кўлчилик, тўкинликка хизмат қилади.

Вилоят ҳокими ғалла майдонларида бўлиб, ушбу жараёнларни кўздан кечирди.