
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Президент мактаби педагоглари ва ўқувчилари, нуронийлар ва ўқувчиларнинг ота оналари иштирок этди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этиб, сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар чуқур билимга эга, ҳар тарафлама баркамол ёш авлодни тарбиялашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Хорижникидан қолишмайдиган барча замонавий шароитларга эга ихтисослаштирилган мактаблар ҳам энг иқтидорли ва билимга чанқоқ ўғил-қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очгани қайд этилди.

Муҳташам таълим муассасаси аниқ фанларга ихтисослашган бўлиб, 670 ўринга мўлжалланган. Ўқувчиларнинг фан сирларини мукаммал эгаллаши учун барча қулайлик яратилган.Синфхоналар энг сўнгги русумдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Юқори тезликка эга интернет тармоғига уланган.Салобатли таълим муассасасида қурилган спорт ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган заллар, ошхона каби қўшимча хоналар ҳам юксак дид билан жиҳозланган.

Тантанали маросим якунида иштирокчилар Президент мактабида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.






