Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида августни “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги деб эълон қилинди. Шу муносабат билан 21 август куни “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари ўтказилади.

Туманимизда ҳам ана шундан келиб чиққан ҳолда умумхалқ ҳашарига тайёргарлик ишлари кучайтирилмоқда. Айнан ўша кунни кутмасдан ҳозирданоқ ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этаётган ташкилот ва муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари сафи тобора кенгайиб бораётганлиги қувонарлидир.

Туманимиз аҳолиси азалдан тозалик ва ободликка қатъий риоя қилиш, ҳар бир қутлуғ санани бу борада муносиб кутиб олиш бўйича доимо пешқадам бўлган. Бинобарин, кўчалари тоза, гулхоналарда гуллар чаман очилиб турган, бозорлари, хиёбонлари, қабристонлари, маҳаллалари ва кўп қаватли уйлари атрофлари, болалар майдончалари обод бўлган жойда пок инсонлар яшайди.

Хайрия ҳашари муносабати билан ҳар бир хонадон эгалари, ташкилот ва корхоналар, маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари, қолаверса, барча фуқароларнинг хонадонлари атрофларини тозалашга, тўпланган чиқиндиларни чиқариб ташланишига эътиборни кучайтиришимиз зарур.

Ёлғиз яшовчи, ўзгалар мададига муҳтожлар, шунингдек, кексалар, ногиронлиги бўлган хонадонларни ободонлаштириш бўйича ҳам ҳашарлар уюштириш мусулмончилигимизнинг чиройли амаллардандир.

Меҳр-оқибат, биродарлик намунаси айнан ҳашарда кўринади.

Хайрия ҳашаридан тушадиган маблағларни тумандаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминоти яхшиланишига ва бошқа эзгу ишларга сарфланади.

Умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашарида барчамиз фаол иштирок этайлик!

Туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими.