Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилади ва рўйхатга олишнинг аниқ пайти 20203 йил 1 ноябрь 00:00 этиб белгиланади. Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги -25 кун.

Рўйхатга олишда шахсга доир маълумотлар респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар жой  ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб сўров ўтказган ҳолда амалга оширилади.

Сўровномалар асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг механик ҳаракати, миграцияси, миллий хусусиятлари, фуқаролиги, таълим даражаси, уй хўжалиги аъзоларининг иқтисодий ҳолати, болалар сонига оид саволлардан иборат бўлади.

Яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш уларнинг ўзлари яшаб турган маҳаллаларда ташкил этиладиган инструкторлик участкаларида амалга оширилади.

Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат органларидаги маълумотлар асосида тўлдирилади. 

Респондентлар томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва уларнинг мазмуни ошкор этилмаслиги рўйхатга олувчи томонидан кафолатланади.

Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.

— Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари ҳудудий статистика бошқармалари ҳузурида ташкил этиладиган марказларда махсус дастурий таъминот асосида 2024 йил 1 январдан 31 декабрга қадар операторлар томонидан электрон базага киритилади.

Рўйхатга олувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма рўйхатлар натижалари асосида шаҳар ва қишлоқлар, шу жумладан, эркаклар ва аёллар бўйича аҳоли сони тўғрисидаги дастлабки маълумотлар эса 2024 йил 1 мартга қадар тайёрланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг электрон маълумотлар базаси 2025 йил 1 декабргача таҳлил этилади ва якуний маълумотлар республика ҳамда ҳудудлар бўйича шакллантирилиб, расман эълон қилинади.